Ўзбекистон Темир Йўллари Меҳнатни Муҳофаза Қилиш Қўлланмаси PDF

Document Details

2018

Дўсматов С.М., Хасилов Х.Н., Юлдашев О. Р., Асомхўжаев Р.Р., Фазлиев Ф., Саид-Газиев Х.С., Медешев Б.Э., Джураев Ф.Ю., Асалов Б.М., Зокиров Д.Х., Нурмаматова Р.Р.

Tags

меҳнат муҳофазаси техник хавфсизлик меҳнат қонунчилиги хавфсизлик

Summary

This document, Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкиллашга оид ўқув қўлланма, published in 2018, is a guide for workers in the Uzbekistan Railways company. It covers safety regulations, labor laws, and standards for the transportation sector. The manual addresses worker safety and hazard prevention.

Full Transcript

“ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ” АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ, РЕСПУБЛИКА АҲОЛИ БАНДЛИГИ ВА МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ИЛМИЙ МАРКАЗИ “ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ” АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИДА МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ИШЛАРИНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШГА ОИД ЎҚУВ ҚЎЛЛАНМА...

“ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ” АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ, РЕСПУБЛИКА АҲОЛИ БАНДЛИГИ ВА МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ИЛМИЙ МАРКАЗИ “ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ” АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИДА МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ИШЛАРИНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШГА ОИД ЎҚУВ ҚЎЛЛАНМА. ТОШКЕНТ 2018 Тузувчилар: Дўсматов С.М., Хасилов Х.Н., Юлдашев О. Р., Асомхўжаев Р.Р., Фазлиев Ф., Саид-Газиев Х.С., Медешев Б.Э., Джураев Ф.Ю., Асалов Б.М., Зокиров Д.Х., Нурмаматова Р.Р. Меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги мазкур амалий ўқув қўлланма темир йўл транспортининг малака ошириш курси контингенти бўлган ташкилотлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вазифалар юкланган маъсул ходимлар, касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этилган шахслар, малака ошириши зарурлиги аниқланган шахслар, меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашга жавобгар раҳбарлар ва мутахассислар, касаба уюшмаси ташкилотларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари, ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати раҳбари ва мутахассислари, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг бевосита мазкур хизматлар билан шуғулланувчи ходимлари, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан фойдаланиладиган аккредитация қилинган синов лабораториялари раҳбарлари, меҳнатни муҳофаза қилиш вазифаси юкланган, техник йўналишдаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига эга бўлган раҳбарлар ёки уларнинг ўринбосарлари, ташкилот ходимларини қайта тайёрлаш шу билан бир қаторда ушбу таълим йўналиши борасида илмий- тадқиқод ишларини олиб борувчи изланувчиларга тавсия этилади. Тақризчилар: Ислом Каримов номли Тошкент давлат техника университетининг “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги” кафедраси мудири профессор – Мусаев М.Н., Нефтгазқурилишинвест АЖ “Меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги” бўлим бошлиғи - А. Атабаев. Мазкур ўқув амалий қўлланма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02/1-671 рақами билан 2017 йил 4 май хатловидан ўтган Hазорат режасининг тегишли кўрсатмаси асосида тайёрланди ҳамда тўпламнинг электрон нусхаси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг www.mehnat.uz сайтида жойлаштирилган. Кириш Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги барча ислоҳотларнинг асосий мақсади юртимизда яшаётган барча фуқаролар учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиб беришга қаратилгандир. Албатта, муносиб ҳаёт шароитини яратиш илмий-техник тараққиёт асосида амалга оширилади ва бу инсон меҳнатини енгиллаштириш билан бир қаторда, турли хил хавфли факторларни вужудга келтирадики, натижада ҳар хил кўринишдаги бахтсиз ҳодисалар: жароҳатланишлар, шикастланишлар ва касб касалликлари вужудга келади. Лекин, бу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсон яхши яшашни, яъни ўзининг моддий- маънавий ва ижтимоий эҳтиёжларини тўлиқроқ қондиришни истайди. Айнан шу сабабли инсон тинимсиз фаолиятда бўлади. Фаолият – инсоннинг яшаши учун зарур бўлган асосий шарт-шароитлардан биридир. Меҳнат – фаолиятнинг олий шаклидир. Фалсафий нуқтаи назардан олиб қараганда, «инсон» тушунчасига энг хос аниқланиш «Homo agens», яъни «Ҳаракатдаги инсон»дир. Албатта, фаолият ва меҳнат шакли турлича бўлиб, ҳаётдаги ишлаб чиқариш, маданият, жамоат ишлари, илмий ишлар ва бошқа соҳалардаги амалий, интеллектуал ҳамда маънавий жараёнларни ўз ичига олади. Ишлаб чиқаришда меҳнатни тартибсиз, амалдаги қонун-қоидалар, стандартлар ва кўрсатмаларга амал қилмасдан амалга оширилиши, нафақат жароҳатланиш ёки шикастланишни келтириб чиқариши, балки айрим ҳолларда ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Табиийки, бу инсонни ўзининг меҳнат фаолиятидаги табиий, техник, антропоген, экологик ва бошқа турдаги барча хавфли факторлардан ҳимоялашни илмий асосда ташкил қилишни талаб этади. Айнан «Меҳнатни муҳофаза қилиш» фанининг асосий мақсади ва вазифалари ушбу масала ечимига қаратилган бўлиб, у фаннинг ўз қонуниятлари, услублари ва тамойиллари асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида қайд этилганидек, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Бу амалда мамлакатимиз фуқароларининг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши, пировардида ҳар биримизнинг меҳнатимиз самарасидан баҳраманд бўлиш, фаровон турмуш кечиришимиз учун кенг имкониятлар яратмоқда. 1. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШНИНГ ДАВЛАТ НАЗОРАТИ ВА УНИНГ МЕЪЁРИЙ ХУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида” Қонунининг янги таҳрири Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2016 йилнинг 22 сентабрь куни қабул қилинди ҳамда расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2016 йил 23 декабрдан кучга кириши белгиланди. Мазкур қонун Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини 2014-2016-йилларда амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар доирасида ишлаб чиқилди. Соҳадаги илғор хорижий тажриба ва халқаро талаблардан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган янги таҳрирдаги қонун аввалгисидан фарқ қилади. Ҳозирги кунда кучга кирган амалдаги қонун 36 моддадан иборат бўлиб, унда иш берувчилар ва ходимларнинг ушбу соҳага доир талабларни бажариш бўйича масъулияти кучайтирилган. Меҳнат шароити ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли шароитлар яратилиши устидан назоратни таъминлашга доир вазифалар белгиланган. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларида ходимнинг ҳаёти ва соғлиги устуворлиги таъминланиши бош омил этиб белгиланган. Бу қонуннинг халқчиллигидан далолат бериб, инсон манфаатларини таъминлайди. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат дастурлари ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолияти мувофиқлаштириб борилади. Ходимларни ҳимоя қилувчи хавфсиз техника, технология ва воситаларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши рағбатлантирилади. Фан ва техника ютуқларидан ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича илғор миллий ва хорижий тажрибадан фойдаланилади. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан жабрланган ёки касб касаллигига чалинган ходимлар ижтимоий ҳимоя қилинади. Бу йўналишда изчил халқаро ҳамкорлик амалга оширилади. Қонунда иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш, меҳнатнинг муҳофаза қилинишини бошқариш тизими аудити, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касаллигига чалинишни текшириш ҳамда ҳисобга олиш масалаларига оид янги тушунчалар киритилган. Қонуннинг 14-моддасида иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси масаласи ўрин олган. Бу меҳнат шароитининг оғирлиги, жароҳатланиш жиҳатидан хавфлилигини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив- ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш, зарарли ёки хавфли ишлаб чиқариш омилини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тадбирлар мажмуидир. Қонуннинг 15-моддасида меҳнатнинг муҳофаза қилинишини бошқариш тизими аудити масаласи акс этган. Бу меҳнатни муҳофаза қилиш тизими ҳолатини баҳолаш бўлиб, у иш берувчининг қарорига биноан ўтказилади. Бунда бу борадаги ишларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги аниқланади. Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг ишлаш сифати, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш даражасини камайтиришга қаратилган тадбирлар самарадорлиги баҳоланади. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олишга қаратилган таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилади. Қонунда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касаллигига чалинишни текшириш ҳамда ҳисобга олиш масалалари аниқ тартибга солинган. Хусусан, қонуннинг 26-моддасига кўра, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва ходимларнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлигининг бошқача тарзда шикастланиши, шунингдек, касб касалликлари белгиланган тартибда текширилиши ҳам ҳисобга олиниши шарт. Бу фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишлар бажарувчи (хизматлар кўрсатувчи) шахсларга нисбатан ҳам тааллуқли. Қонун асосида касаба уюшмалари ваколатлари кучайтирилгани ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиш имкониятларини янада кенгайтиради. Эндиликда бу тизим вакили ташкилотларнинг раҳбарларидан ва бошқа мансабдор шахсларидан меҳнат шароитлари ва муҳофазаси тўғрисида, ишлаб чиқаришдаги барча бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эга. У бундай ҳодисалар юзасидан текширишда иштирок этади. Ходимларнинг ҳаёти ва соғлигига хавф туғилган ҳолларда ишларни тўхтатиб туриш, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларнинг бузилишини бартараф этиш тўғрисида иш берувчига таклифлар киритади. Иш берувчиларнинг мажбуриятлари бажарилишини назорат қилади. Ишлаб чиқариш объектларини ва ишлаб чиқариш воситаларини синаш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида мустақил эксперт сифатида иштирок этади. Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талаблар бузилганда, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар фактлари яширилганда бу борада айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли ташкилотларга таклиф киритади. Меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда майиб бўлиш ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун ҳамда ходимларнинг соғлиғи ва меҳнатни муҳофаза қилинишига бўлган ҳуқуқлари чекланган бошқа ҳолларда ходимнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга мурожаат этади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, корхоналарда содир бўлаётган ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларидан бири ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этмаслигидир. Баъзан иш берувчи томонидан ходимларнинг иш вақти ва дам олиш вақтини белгилашда, уларни хизмат сафарларига юборишда хавфсизлик талаблари бузилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш мақсадида қонунда иш берувчилар ва ходимлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш бўйича масъулият оширилди. Бу борада иш берувчилар ва ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди. Ходим қулай ва хавфсиз иш ўрнига эга бўлиш ҳуқуқига эга. Меҳнат шароити тўғрисида, шу жумладан, касб касалликлари ва бошқа касалликларга чалиниш эҳтимоли мавжудлиги, шу муносабат билан ўзига берилиши лозим бўлган имтиёзлар ва компенсациялар, шахсий ҳимоя воситалари ва жамоавий ҳимоя воситалари ҳақидаги ахборотларни иш берувчидан олиши зарур. Ходимлар ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат томонидан мажбурий ижтимоий суғурта қилинади. Тиббий тавсияларга мувофиқ навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтади, ушбу тиббий кўрикдан ўтиш вақтида унинг иш жойи (лавозими) ва иш ҳақи сақланади. Ўз навбатида ходим соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиши лозим. Шахсий ҳимоя воситаларини тўғри қўллаши, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар олиши, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқувдан ва малака оширишдан ўтиши керак. Одамларнинг ҳаёти ва соғлигига бевосита хавф туғдирувчи ҳар қандай вазият тўғрисида, иш жараёнида ёки у билан боғлиқ ҳолда содир бўлган ҳар қандай бахтсиз ҳодиса ҳақида иш берувчини дарҳол хабардор қилиши шарт. Иш берувчи ходимлардан меҳнатни муҳофаза қилишга ҳамда ишларни хавфсиз олиб боришга доир нормалар, қоидалар ва йўриқномаларга риоя этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ходимларни спиртли ичимликдан, гиёҳвандлик моддаси ёки токсик модда таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун уларни текширувдан ўтказиши мумкин. Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиш, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этганлик учун ходимларни тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш чора-тадбирларини кўради. Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларни бузганликда айбдор ходимларни интизомий жавобгарликка тортади. Иш берувчи ҳар бир иш ўрнида меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлишини таъминлайди. Дастлабки тарзда (ишга кираётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўриклар белгиланган тартибда ўтказилишини ташкил этади. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан давлат томонидан мажбурий ижтимоий суғурта қилинишини, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинишини таъминлайди. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини белгиланган тартибда текширувдан ўтказади, уларнинг ҳисобини юритади. Эндиликда ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ташкил этилади. Ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади. Қонунда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланиб, Қонунга киритилган нормалар давлат органлари томонидан қонун талабларини бажаришда ҳар хил аралашувларнинг олдини олиш, тадбиркорларга қулай шароитлар яратиш ва ишловчи ходимларнинг меҳнат шароитларини доимий равишда яхшилашга ҳамда уларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш соҳасида ижтимоий ҳимояни таъминлашга қаратилган. Шунингдек, ушбу Қонунда жамоавий ҳимоя воситалари, зарарли ишлаб чиқариш омиллари, иш ўрни, ишлаб чиқариш фаолияти, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, касб касаллиги, меҳнат шароитлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнатда майиб бўлиш, ноқулай ишлаб чиқариш омиллари, хавфли ишлаб чиқариш омили, шахсий ҳимоя воситалари каби тушунчалар атрофлича таърифлаб берилган. Меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, ходимлар учун хавфсиз, экологик тоза иш шароитларини яратиш, иш ўринларини асбоб- ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш, ходимларни даврий ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиш, меҳнат муҳофазаси устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш каби долзарб вазифалар ҳар бир иш берувчилар ва касаба уюшмаларининг энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Ушбу қонундан келиб чиққан ҳолда шуни таъкидлаш лозимки, корхона, ташкилот ва муассасаларда хавфсиз меҳнат шароитларининг тўғри ва намунали ташкил этилиши ишчи-ходимларнинг интизомли бўлишига, бу эса ўз навбатида корхона ва ташкилотларда меҳнат унумдорлигининг ошишига, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликларига чалинишларнинг камайишига ва охир оқибатда ишлаб чиқариш самарадорлигининг ошишига ҳамда корхона ва ташкилотларнинг барқарор фаолият юритишига, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муҳофазасини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, уни самарали йўлга қўйиш, яъни касбга оид хавф-хатарни баҳолаш, бахтсиз ҳодисаларга олиб келиши мумкин бўлган потенциал манбаларни аниқлаш ва уларни дарҳол бартараф этилишини таъминлашга, шунингдек ҳар бир ишчи-хизматчи ва ходим онгига хавфсиз ишлаб чиқаришга шахсий манфаатдор эканликларининг ошишига олиб келади. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини 2014-2016 йилларда амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик базаси инвентаризациядан ўтказиш ва тартибга солиш доирасида "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига белгиланган тартибда киритилди. Ўзбекистон Республикасида янги қабул қилинган қонунлар, хорижий тажриба ва халқаро талаблардан келиб чиққан ҳолда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририда қуйидаги янги нормалар киритилган: қонуннинг тузилмаси ўзгартирилди ва Меҳнат хавфсизлиги стандартлар тизими (ССБТ) талабларидан келиб чиққан ҳолда алоҳида модда билан меҳнатни муҳофаза қилишга оид атамалар ва иборалар киритилди; меҳнат муҳофазаси бошқаруви ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат назоратини амалга оширадаган давлат органлари белгиланди; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, давлат бошқаруви органлари ва тармоқ идораларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатлари белгиланди; шу билан биргаликда ушбу соҳада корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича давлат органининг ваколати ҳам белгиланди; корхоналарда жамоа шартнома (келишув)ларда белгиланган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ходимларнинг хуқуқ ва манфаатларини таъминланиши юзасидан жамоат назоратини амалга оширувчи касаба уюшмалар ваколатлари кучайтирилди. Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларини ташкил қилиш тизими ўзгарди. Бунда ходимлар сони белгиланган меъёрдан кам, хавфсизлик даражаси паст бўлган корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини ташкил қилиш шароити бўлмаган тақдирда, ушбу корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил қилиш, шу соҳада хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларни жалб қилиш йўли билан амалга ошириш мумкинлиги бўйича норма киритилди. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, шуни айтиш мумкинки, тасдиқланган Қонуннинг янги таҳрири, бугунги куннинг долзарб қонунларидан бири ҳисобланади ва у Ўзбекистон Республикасида меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини такомиллашиши, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш ва шу билан бирга тадбиркорликни ривожланишига янги имкониятлар яратиб берувчи Қонунлардан бири ҳисобланади. Қонуннинг янги таҳрири амалиётга киритилиши муносабати билан меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги барча норматив-ҳуқуқий хужжатлар тўлиқ қайта кўриб чиқилади ва корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитларини яхшиланишига қаратилган Дастур қабул қилинади. Қонун лойиҳасини тайёрлашда меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги ХМТнинг Конвенция ва тавсиялари, 20 дан зиёд ҳорижий давлатларнинг шу жумладан Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Корея, Россия, Беларус, Қозоғистон ва бошқа давлатларнинг, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилиги ва меъёрий ҳужжатлари ўрганилди. Шунингдек бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашда вазирликларнинг ва тармоқ идораларининг, катта саноат корхоналарининг, кенг жамоатчиликнинг (фуқароларнинг) таклифлари инобатга олинди. Қонунда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланиб, Қонунга киритилган нормалар давлат органлари томонидан қонун талабларини бажаришда ҳар хил аралашувларни ва коррупцияни олдини олиш, тадбиркорларга қулай шароитлар яратиш ва ишловчи ходимларни меҳнат шароитларини доимий равишда яхшилашга ҳамда уларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ижтимоий ҳимояни таъминлашга қаратилди. Ушбу Қонунда жамоавий ҳимоя воситалари, зарарли ишлаб чиқариш омили, иш ўрни, ишлаб чиқариш фаолияти, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса, касб касаллиги, меҳнат шароитлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнатда майиб бўлиш, ноқулай ишлаб чиқариш омиллари, хавфли ишлаб чиқариш омили, шахсий ҳимоя воситалари каби тушунчаларга атрофлича таъриф берилди. Мазкур Қонуннинг қабул қилинишида қуйидагилар кўрсатиб ўтилди:  меҳнатни муҳофаза қилишни республика, тармоқ ва ҳудуд даражасида давлат органларининг вазифалари белгиланди ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажаришга иш берувчи билан бирга ходимнинг ҳам масъулияти оширилиши;  меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этишга имкониятлари етмаган кичик корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш аутсорсинг асосида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларини (тадбиркорларни) жалб қилиниши;  ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини олдини олиш ҳамда камайтирилиши ташқилотнинг иқтисодий ҳолатини ўсишига сабаб бўлади, иш берувчиларнинг меҳнат муҳофаза қилишни ташкил этиш мақсадида ташкилотлар томонидан ихтиёрий равишда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини аудит қилиш механизми жорий этилиши;  ходимларнинг айрим тоифалари, аёллар, вояга етмаган шахсларни ва меҳнат қобилияти чекланган шахслар учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятларини белгиланиши;  меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатишни таъминлаш юзасидан талаблар киритилди ва бошқа давлат бошқаруви органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари белгиланиши назарда тутилди;  бундан ташқари ташкилотларда иш берувчи ва ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъулиятини ошириш, шу жумладан, ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш чораларини кўриш бориш белгиланди.  қонунда меҳнат шароитлари бўйича иш ўринлари аттестацияси, меҳнат шароитлари давлат экспертизаси талаблари ҳам киритилган бўлиб, бу меҳнат шароитлари бўйича иш ўринлари аттестациясини ўтказиш орқали ходимларга зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун кафолатлар ҳамда компенсациялар берилишининг тўғрилигини, ходимларнинг ҳақиқий меҳнат шароитларини баҳолаш мақсадида амалга оширилиши белгиланиб қўйилган. 2. КОРХОНА ВА ТАШКИЛОТЛАРДА МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ИШЛАРИНИ БОШҚАРИШ Ишлаб чиқариш вақтида ишчилар ва ходимлар саломатлигини сақлаш, уларнинг меҳнатини тўлиқ муҳофаза этиш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу республикамизнинг «Меҳнатни муҳофаза қилиш» тўғрисидаги қонунида ўз аксини топган бўлиб, унда қуйидагилар алоҳида таъкидлангандир: – корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти натижаларига нисбатан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлиги; – меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни иқтисодий ва ижтимоий сиёсатнинг бошқа йўналишлари билан мувофиқлаштириб бориш; – мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, барча корхоналар учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ягона тартиб-қоидалар белгилаб қўйиш; – меҳнатни экология жиҳатидан хавфсиз шароитлар яратилишини ва иш жойларида атроф-муҳит ҳолати мунтазам назорат этилишини таъминлаш; – корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ҳамма жойда бажарилишини назорат қилиш; – меҳнатни муҳофаза қилишни маблағ билан таъминлашда давлатнинг иштирок этиши; – олий ўқув юртларида меҳнат муҳофазаси бўйича бакалаврлар ва магистрлар тайёрлаш; – хавфсиз техника, технологиялар ва ходимларни ҳимоялаш воситалари ишлаб чиқилиши ҳамда жорий этилишини рағбатлантириш; – фан, техника ютуқларида ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ватанимиз ва чет эл илғор тажрибасидан кенг фойдаланиш; – ишловчиларни махсус кийим ва пойабзал, шахсий ҳимоя воситалари, парҳез овқатлар билан бепул таъминлаш; – корхоналарда меҳнатнинг соғлом ва хавфсиз шарт-шароитларини яратишга кўмаклашувчи солиқ сиёсатини юритиш; – ишлаб чиқаришдаги ҳар бир бахтсиз ҳодисани ва ҳар бир касб касаллигини текшириб чиқиш ҳамда ҳисобга олиб боришнинг ва шу асосда ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ҳамда касб касалликларига чалинишлар даражаси ҳақида аҳолини хабардор қилишнинг мажбурийлиги; – ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан жабрланган ёки касб касаллигига йўлиққан ишловчиларнинг манфаатларини ижтимоий ҳимоялаш; – касаба уюшмалари ва бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар ҳамда алоҳида шахсларнинг меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашга қаратилган фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш; – меҳнатни муҳофаза қилиш муаммоларини ҳал этиш чоғида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш тамойилларига асосланади. Корхоналарда содир бўлаётган ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган бахтсиз ходисаларнинг келиб чиқиш сабабларидан бири бу ходимлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этмаслиги, ёки иш берувчи томонидан хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ходимларнинг иш вақти ва дам олиш вақтини белгилашда, ходимларни хизмат сафарларига юборишда хавфсизлик талаблари бузилиш холатлари бўлмоқда. Ушбу холатларни бартараф этиш мақсадида иш берувчилар ва ходимлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш бўйича масъулиятини ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ҳам иш берувчиларнинг ҳам ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди. “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунда таъкидланганидек корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти натижаларига нисбатан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлиги таъминланиши кўзда тутилган. Шунинг баробарида корхона ва ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш учун тегишли режа асосида самарали фаолият олиб борилиши кераклиги, ишчи-хизматчиларга қонунда белгиланган тартибда муносабатда бўлиш зарурлиги яққол намоён бўлади. Хусусан корхона ва ташкилотларда Меҳнат муҳофазасини яхшилаш бўйича тузиладиган тадбирлар асосан қуйидаги бўлимларни ўз ичига олиши мумкин: - Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш; - Ишлаб чиқаришда касалланишнинг олдини олиш; - Меҳнат шароитларини яхшилаш; - Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича ўқитиш ҳамда тарғибот ишларини олиб бориш. Ишлаб чиқаришда меҳнат шароитини яхшилаш ҳамда соғлом ва хавфсиз иш шароитини ташкил этиш учун биринчи навбатда меҳнат муҳофазасини яхшилаш бўйича режали тадбирлар ишлаб чиқиш талаб этилади. Бу режали тадбирлар Касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда тузилиши ва зарур маблағлар билан таъминланиши зарур. Меҳнат муҳофазасини яхшилаш бўйича бажариладиган барча ишлар бир йилга, беш йилга ва келажакка мўлжалланган режалар асосида амалга оширилади. Меҳнат муҳофазасини яхшилаш бўйича тузиладиган бир йиллик режада кўзда тутилган тадбирлар маъмурият билан касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида тузилган меҳнат муҳофазаси бўйича жамоавий шартномада ўз ифодасини топади. Жамоавий шартнома лойиҳаси йил бошида ишчиларнинг умумий мажлисида муҳокамага қўйилади ва у маъқуллангач, ташкилот маъмурияти ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тасдиқланади. Меҳнат муҳофазасини яхшилаш бўйича тузиладиган тадбирлар асосан қуйидаги бўлимларни ўз ичига олиши мумкин: а) Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш: – барча янги қурилаётган объектларни меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси масалаларини қамраб олган ишлаб чиқариш ишлари лойиҳаси билан таъминлаш; – иш жойларида ишлаётган барча машина ва механизмларнинг созлиги ва техникавий ҳолати устидан қатъий назорат қилиб бориш ҳамда уларни белгиланган вақтларда синовдан ўтказиш; – содир бўлган бахтсиз ҳодисалар яна такрорланмаслиги учун уларни таҳлил қилиб бориш; – хавфсизлик техникаси ҳолати устидан уч босқичли маъмурий-жамоат назоратини доимий равишда олиб бориш; – хавфсиз меҳнат шароитини таъминлайдиган янги мослама ва воситалар ишлаб чиқиш; – электр қурилмалари ва жиҳозларининг ерга уланганлигини текшириб бориш; – ишчиларни махсус кийим-бошлар ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, улардан фойдаланиш даражасини назорат қилиб бориш; – ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни хавфсизлик техникаси бўйича қўлланмалар билан таъминлаб бориш. б) Ишлаб чиқаришда касалланишнинг олдини олиш учун: – иш жойларида ва дам олиш хоналарида меъёрий микроиқлим бўлишини таъминлаш; – ишчилар ва ходимларни ишга ва ишдан автобусларда ёки шу мақсадлар учун махсус жиҳозланган автомобиллардагина ташиш; – ишлаб чиқаришда касб касаллигининг олдини олиш бўйича комплекс тадбирлар ишлаб чиқиш; – белгиланган иш турлари учун тиббий кўрикларни ташкил қилиш; – иш жойлари ва дам олиш хоналарининг санитария ҳолатини яхшилаш; – лойиҳа асосида талаб этиладиган иш жойлари ва биноларида шамоллатиш, шовқин ҳамда титрашни камайтириш мосламаларини ўрнатиш; – махсус кийим-бошларни қуритиш, ювиниш хоналарини ҳамда иссиқ цехларда газсувларни ташкил этиш; – белгиланган иш турларидаги ишчиларни сут ва бошқа профилактик озиқ- овқатлар билан таъминлашни ташкил этиш. д) Меҳнат шароитларини яхшилаш учун: – ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, ишлаб чиқаришга янги технологиялар ва янги техникаларни жорий этиш; – хавфсизлик техникаси ҳолатини яхшилашга йўналтирилган рациоанализаторлик ва ихтирочилик ишларини кенг йўлга қўйиш; – хавфсизлик техникаси ҳолатини яхшилашга йўналтирилган мусобақалар ташкил этиш; – иш жойлари, санитар вагон-уйчалар ва бошқа ишлаб чиқариш биноларини янги замонавий шамоллатиш ҳамда иситиш қурилмалари билан жиҳозлаш. э) Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича ўқитиш ҳамда тарғибот ишларини олиб бориш учун: – барча ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни хавфсизлик техникаси бўйича ўқитиш, йўриқномалар ўтиш ва билимларини синовдан ўтказиш; – меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича махсус хоналар ташкил этиш; – меҳнат муҳофазаси бўйича семинарлар ташкил этиш; – янги жорий этилган техник воситалардан фойдаланиш бўйича йўриқнома ва қўлланмалар ишлаб чиқиш. Юқорида келтирилган тадбирлар мажмуи корхонанинг ишлаб чиқариш соҳасига боғлиқ ҳолда керакли қўшимчалар билан тўлдирилиши ёки ўзгартирилиши мумкин. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун режалаштирилган маблағларни қуйидаги тартибда тақсимлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади: ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун – 40%; касалланишнинг олдини олиш учун – 20%; меҳнат шароитини яхшилаш учун – 30%; меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича ўқитиш ҳамда тарғибот ишларини олиб бориш учун – 10%. Корхона маъмурияти касаба уюшмаси қўмитаси ва юқори ташкилотларнинг розилиги билан сарфланадиган маблағларни бир гуруҳ тадбирлардан иккинчисига ўтказиши мумкин. Бу тадбирлар учун кўзда тутилган маблағларни бошқа тадбирлар учун сарфлаш тақиқланади. Меҳнатни муҳофаза қилишни молиявий таъминлаш давлат томонидан, шунингдек, мулк шаклидан қатъий назар жамоа бирлашмалари, корхоналарнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобига амалга оширилади. Ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатадиган ҳар бир ишчи ва ходим ўзига бириктирилган ишни хавфсиз бажариши учун чуқур билимга эга бўлиши зарур. Бунинг учун эса уларни меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича малакали ўқитиш талаб этилади. Ишлаб чиқаришдаги барча ишчилар ишлаб чиқариш ишларининг характери ва хавфсизлик даражасидан қатъий назар меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитилиб, билимлари текширилиб кўрилгандан кейин ишга рухсат этилади. Ишчиларни меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича ўқитиш уларга йўриқномалар ўтиш орқали амалга оширилади. Йўриқномалар мазмуни, хусусияти ва ўтказилиш даврига боғлиқ ҳолда қуйидаги турларга бўлинади: Кириш йўриқномаси. Кириш йўриқномасини корхонадаги хавфсизлик техникаси бўйича муҳандис, корхона раҳбари ёки бош муҳандис ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тасдиқланган дастур асосида ўтказади. Уни меҳнат муҳофазасига оид замонавий воситалар ва кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган меҳнат муҳофазаси хоналарида ўтказиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Кириш йўриқномаси қуйидаги масалаларни ўз ичига олиши мумкин: – корхонанинг иш режими ва ички тартиб-қоидалари билан таништириш; – меҳнат интизоми ва уни меҳнат хавфсизлигига таъсири; – меҳнат муҳофазаси бўйича жамоа шартномалари; – корхонада содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва уларни келиб чиқиш сабаблари; – ёнғиннинг олдини олиш тадбирлари; – электр хавфсизлигининг асосий қоидалари; –юкларни кўтариш ва туширишдаги, химикатлар ва кислоталар билан ишлашдаги хавфсизлик қоидалари; – ишга келиш ёки ишдан қайтишдаги хавфсизлик қоидалари; – махсус кийим-бошлар ва сақлаш қурилмаларидан фойдаланиш қоидалари; – жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тартиб-қоидалари; – ичкиликбозликка қарши кураш тадбирлари; – жамоа ўртасида маънавият ва маърифатни юксалтиришга қаратилган тадбирлар. Кириш йўриқномаси дастурига киритилиши лозим бўлган масалалар маҳаллий шароитлар, ишлаб чиқариш хусусияти ва ишга қабул қилинган ишчининг касбига боғлиқ ҳолда қўшимча тадбирлар билан тўлдирилиши мумкин. Ушбу йўриқнома махсус журналга қайд этилиши лозим. Иш жойидаги бирламчи йўриқнома. Ушбу йўриқнома ҳам корхона раҳбари (ёки бош муҳандис) ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тасдиқланган дастур асосида ўтказилади. Иш жойидаги бирламчи йўриқнома дастурига асосан қуйидагилар киритилиши мумкин: – иш жойидаги технологик жараёнлар ва ташкилий-техник қоидалар; иш жойини ташкил этишга қўйилган талаблар; – машина ёки қурилманинг тузилиши, ишлаш тартиби, техник маълумотлари ва унинг хавфли зоналари; – ишни бажаришдаги хавфсизлик қоидалари; – машина ёки қурилмалардан фойдаланишнинг хавфсиз усуллари; – электр жиҳозлари ва улар билан ишлаш қоидалари; – иш жойининг ёки иш майдонининг хавфли зоналари; – иш жойидаги “сигнализация” ва ундан фойдаланиш қоидалари. Юқорида қайд этилган масалалардан ташқари бу йўриқнома, ишнинг турига ва ишчининг малакасига боғлиқ ҳолда бошқа тадбирлар билан ҳам тўлдирилиши мумкин. Навбатдаги (режадаги) йўриқнома хусусияти ва хавфлилик даражасига боғлиқ ҳолда иш жойидаги бирламчи йўриқномадан 3 ёки 6 ой ўтгач ўтказилади. Ушбу йўриқнома ишчиларни меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича билимларини ошириш ҳамда текшириш мақсадида ўтказилади. Йўриқномани ўтказишда иш жойидаги бирламчи йўриқнома дастури асос қилиб олинади. Навбатдан (режадан) ташқари йўриқнома ишлаб чиқариш технологиялари ўзгарганда, янги техника воситалари жорий этилганда, ишчи бир ишдан бошқа ишга ўтказилганда, бахтсиз ҳодиса рўй берганда ёки хавфсизлик техникаси қоидалари бузилган вақтларда ўтказилади. Даврий (мавсумий) йўриқнома. Айрим ишлаб чиқариш соҳалари мавсумий хусусиятга эгалиги сабабли мавсумий йўриқнома ўтказилади. Курс ўқишлари. Ишлаб чиқариш жараёни даврида бажариладиган ишнинг турига ва хусусиятига боғлиқ ҳолда ишчилар ва техник ходимлар меҳнат муҳофазаси бўйича курс ўқишларига юбориладилар. Курс ўқишлари олий ўқув юртлари қошидаги малака ошириш курслари ёки факультетларида ҳамда илмий текшириш институтларида махсус дастур асосида олиб борилади. Меҳнат муҳофазаси бўйича курс ўқишларидан ўтаган ишчи-ходимларга гувоҳнома берилади. Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнат кодекси» ва «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунлари асосида меҳнат шароити зарарли бўлган ишларда, шунингдек, алоҳида ҳарорат шароитида бажариладиган ёки ифлослантирадиган ишларда ишловчи ходимларга бегиланган меъёрда махсус кийим-бош, пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари текинга берилади. Корхона, муассаса ёки ташкилот маъмурияти махсус кийим-бош, пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситаларини сақлаш, ювиш, тозалаш ва таъмирлашни, шунингдек, бу воситалардан фойдаланишни доимий назорат қилиб боришлари зарур. Бундан ташқари, ифлосланиш билан боғлиқ бўлган ишларда ишловчиларга белгиланган меъёрда совун (ҳар ойда 400 гр) ва бошқа хил зарарсизлантирувчи воситалар ҳам текинга берилади. Махсус кийим-бошлар ва шахсий ҳимоя воситаларининг ўрнига уларни тайёрлаш учун материаллар ёки сотиб олиш учун пул бериш тақиқланади. Шунингдек, зарарли иш шароитида ишловчи ишчилар соғлиғини таъминлаш ва уларга таъсир этувчи зарарли моддаларнинг таъсир даражасини камайтириш мақсадида меҳнат шароити зарарли бўлган ишларда ишловчиларга белгиланган меъёрларга мувофиқ сут ёки унга тенг келадиган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари текинга бериб турилади. Агар иш иссиқ цехларда бажариладиган бўлса, текинга газли шўр сув берилиши шарт. 3. ИШЛАБ ЧИҚАРИШДАГИ БАХТСИЗ ҲОДИСАЛАР ВА КАСБ КАСАЛЛИКЛАРИДАН ХОДИМЛАРНИНГ ҲАЁТИ ВА СОҒЛИҒИНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ Ишлаб чиқаришда касб касалликларининг олдини олиш ва ишлаб чиқариш жароҳатларини камайтиришда, ушбу бахтсиз ҳодисаларни чуқур таҳлил қилиш асосида уларни келтириб чиқарувчи сабабларни ҳамда ишлаб чиқаришдаги хавфли ва зарарли омилларни пухта ўрганиш муҳим рол ўйнайди. Бахтсиз ҳодисаларнинг сабаблари асосан қуйидаги 4 гуруҳга бўлинади: техникавий, санитар-гигиеник, ташкилий ва психофизиологик. Техникавий сабабларга машина ва механизмлар ҳамда иш жиҳозларининг носозлиги, электр қурилмаларининг ерга уланмаганлиги, юклаш-тушириш машиналаридан нотўғри фойдаланиш, машина ва механизмлар конструкциясини меҳнат муҳофазаси талабларига жавоб бермаслиги кабилар киради. Санитар-гигиеник сабабларга эса меҳнат гигиенаси, санитар меъёрлар ва қоидаларга амал қилмаслик, ёритилганлик, ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги, ҳавонинг босими каби кўрсаткичларни меъёрдан четга чиқиши, юқори миқдордаги шовқин, титраш, ҳавонинг чангланганлиги ёки газланганлигини киритиш мумкин. Ташкилий сабабларга иш режими ва дам олиш режимини нотўғри ташкил этилганлиги, соғлом ва хавфсиз иш шароитини яратилмаганлиги, ишчиларни хавфсизлик техникаси қоидалари бўйича ўқитилмаганлиги, иш жойларида огоҳлантирувчи белгиларни бўлмаслиги, ишга мутахассислик бўйича қабул қилмаслик, махсус кийим-бошлар ҳамда шахсий ҳимоя воситалари билан ишчиларни таъминланмаганлиги ва бошқалар мисол бўла олади. Психофизиологик сабабларга бажарилаётган ишга эътиборсиз қаралиши, ишчининг ўз фаолиятида бўлган назоратининг бўшлиги, жисмоний ёки асабий толиқиш ва бошқа шу кабилар киради. Ишлаб чиқаришдаги хавфли ва зарарли омиллар бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқарувчи сабаблардан фарқ қилади. Бахтсиз ҳодисаларнинг сабаблари меҳнат муҳофазаси бўйича стандартлар, қонун-қоидалар ва кўрсатмаларнинг бузилиши, уларга амал қилмаслик оқибати бўлса, ишлаб чиқаришдаги хавфли ва зарарли омиллар эса бевосита жароҳатланишларни келтириб чиқарувчи шарт-шароитлар ҳисобланади. Ишлаб чиқаришдаги хавфли ва зарарли омиллар ишнинг тури ва меҳнат шароитига боғлиқ ҳолда 4 гуруҳга бўлинади: физикавий, кимёвий, биологик ва психофизиологик. Физикавий омилларга ҳаракатдаги машина ва механизмлар, уларнинг ҳимояланмаган қўзғалувчи механизмлари, иш жойи ҳавосининг юқори даражада чангланганлиги, газланганлиги, баланд даражадаги шовқин, титраш, инфратовуш, ультратовуш, турли хил нурланишлар, статик электр зарядлари, юқори кучланишдаги электр ёки магнит майдонлари, ёритилганлик даражасининг меъёрдан четга чиқиши каби омиллар киради. Кимёвий омилларга ишлаб чиқариш жараёнларида ишлатиладиган ёки ажралиб чиқадиган турли хил кимёвий моддалар киради. Уларни инсонга таъсир этиш хусусиятига қараб қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин: умумий заҳарловчи, кўпайиш функцияларига таъсир этувчи; инсон аъзоларига кириш йўли орқали эса: нафас олиш йўли орқали таъсир этувчи, овқатланиш ва ҳазм қилиш тизими орқали ва бевосита тери орқали таъсир этувчи. Биологик омилларга эса ҳар хил жароҳатлар ва касалликларни келтириб чиқарувчи микро ва макроорганизмлар: бактериялар, вируслар, риккет, замбуруғлар, ҳар хил заҳарли ўсимликлар ва ҳайвонлар киради. Психофизиологик омилларга жисмоний ва асабий зўриқишлар мисол бўла олади. Жисмоний зўриқишлар статик, динамик ва гипердинамик ҳолда бўлиши мумкин. Асабий зўриқиш эса кучли ақлий меҳнатдан, меҳнатни доимий бир хил кўринишда бўлишидан, кучли ҳаяжонланиш ёки асабийлашишдан содир бўлади. Ишлаб чиқаришдаги кўпгина ҳолатларда ушбу факторлар умумлашган ҳолда учрайди. Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш зарарли ва хавфли факторларнинг таъсир даражасини сусайтириш мақсадида технологик жараёнларни тўлиқ механизациялаштириш, автоматлаштириш ва иш жойларини герметиклаштириш, ишлаб чиқариш хоналарида ёритилганлик, шовқин, титраш даражаларини ҳамда микроиқлим кўрсаткичларини меъёрлаштириш, ишчиларни махсус кийим-бошлар ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашни ўз вақтида амалга ошириш талаб этилади. Корхона ёки ишлаб чиқариш объектларида меҳнат муҳофазасини яхшилаш бўйича тузиладиган тадбирларнинг биринчи ҳамда иккинчи бўлимлари юқорида таъкидланганидек ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олишга қаратилган бўлиб, қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади : – барча янги қурилаётган объектларни меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси масалаларини қамраб олган ишлаб чиқариш ишлари лойиҳаси билан таъминлаш; – иш жойларида ишлаётган барча машина ва механизмларнинг созлиги ва техникавий ҳолати устидан қатъий назорат қилиб бориш ҳамда уларни белгиланган вақтларда синовдан ўтказиш; – содир бўлган бахтсиз ҳодисалар яна такрорланмаслиги учун уларни таҳлил қилиб бориш; – хавфсизлик техникаси ҳолати устидан уч босқичли маъмурий-жамоат назоратини доимий равишда олиб бориш; – хавфсиз меҳнат шароитини таъминлайдиган янги мослама ва воситалар ишлаб чиқиш; – электр қурилмалари ва жиҳозларининг ерга уланганлигини текшириб бориш; – ишчиларни махсус кийим-бошлар ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, улардан фойдаланиш даражасини назорат қилиб бориш; – ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни хавфсизлик техникаси бўйича қўлланмалар билан таъминлаб бориш; – иш жойларида ва дам олиш хоналарида меъёрий микроиқлим бўлишини таъминлаш; – ишчилар ва ходимларни ишга ва ишдан автобусларда ёки шу мақсадлар учун махсус жиҳозланган автомобиллардагина ташиш; – ишлаб чиқаришда касб касаллигининг олдини олиш бўйича комплекс тадбирлар ишлаб чиқиш; – белгиланган иш турлари учун тиббий кўрикларни ташкил қилиш; – иш жойлари ва дам олиш хоналарининг санитария ҳолатини яхшилаш; – лойиҳа асосида талаб этиладиган иш жойлари ва биноларида шамоллатиш, шовқин ҳамда титрашни камайтириш мосламаларини ўрнатиш; – махсус кийим-бошларни қуритиш, ювиниш хоналарини ҳамда иссиқ цехларда газсувларни ташкил этиш; – белгиланган иш турларидаги ишчиларни сут ва бошқа профилактик озиқ- овқатлар билан таъминлашни ташкил этиш. Замонавий ишлаб чиқариш шароитида бахтсиз ҳодисаларни (жароҳатланишлар, шикастланишлар, касалланишлар, ёнғинлар ва ҳ.к.) камайтириш муаммосини фақатгина муҳандислик услублари орқали ҳал этиб бўлмайди. Шу сабабли, меҳнат хавфсизлиги психологияси фаолият хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Тажрибаларнинг кўрсатишича ишлаб чиқаришдаги авариялар ва жароҳатланишларнинг кўпчилиги машиналардаги муҳандислик-конструкторлик нуқсонлар ёки техник технологик сабаблар орқали эмас, балки ташкилий- психологик, яъни хавфсизлик техникаси бўйича етарли билимга эга бўлмаслик, етарли даражада ўқитилмаслик, ишчининг билиб-билмай хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслиги, хавфли ишларга махсус ўқишлардан ўтмаганларга рухсат бериш, ишга мутахассислик бўйича қабул қилмаслик ва шу каби қатор сабаблар таъсирида юз беради. Шу сабабли, кўпинча жароҳатланишларнинг 60-70 фоизига бевосита жароҳатланувчиларнинг ўзлари айбдор бўлади. Хавфсизлик психологияси деганда инсоннинг меҳнат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган психологик билимлардан фойдаланиш тушунилади. Асабий зўриқиш, ҳаяжонланиш, руҳий зўриқиш гиперактивлиги, кўр сўзлилик, қўл ва овоз қалтираши каби белгиларда намоён бўлади. Бундай ҳолатда ишчи дағал, хафақон кўринишга тушиши, тез-тез беихтиёр иш жиҳозлари ва асбоблари ҳолатини кузатиши, уст-кийимини тўғрилаши, қўлини артиши ва шу каби қилиқларни бажариши кузатилади. Албатта, бу ҳолатларнинг барчаси хатога йўл қўйилишига ва натижада бахтсиз ҳодисаларни келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу ва шунга ўхшаш ҳолатларнинг юзага келмаслиги учун муҳандис- ташкилотчилар ишчиларнинг руҳий ҳолатини доимий назорат қилиб боришлари ҳамда маълум бир тизим асосида такомиллаштирилган режали дастур ишлаб чиқишлари лозим бўлади. Нормал иш режимидан четга чиқиш, ишлаб чиқаришда зарарли муҳитнинг борлиги, хавфсизлик қоидалари ва меҳнат интизомининг бузилиши натижасида ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар рўй бериши мумкин. Бахтсиз ҳодиса - тўсатдан, олдиндан англанмаган ва инсонларнинг хоҳишисиз юз берган, суғурталанган шахснинг жароҳатланиши ёки ўлимига сабабчи бўлган қуйидаги ҳодисалар тушунилади: - табиий офатлар (чақмоқ уриши, қуёш уриши, зилзила, шиддатли атмосфера ёғинлари сел, довул, қуюн, бўрон, уюрма, сув босиш, тошқин); - портлаш, куйиш, совуқ уриши, чўкиш, электр токи уриши; -жиноятчиларнинг тажовузи ёки ҳайвонларнинг ҳамла қилиши; - суғурталанган шахснинг йиқилиши ёки устига бирор-бир жисмнинг тушиши; - кутилмаган бўғилиш, нафас олиш йўлларига тасодифан ёд жисмларнинг тушиши, вирусларнинг тушиши бундан мустасно; - зарарли маҳсулотлар ёки моддалар оқибатида жиддий заҳарланиш (зарарли ўсимликлар, кимёвий моддалар, дори-дармонлар, сифатсиз озиқ-овқатлар); - транспорт воситаларининг ҳаракати ёки уларнинг аварияси, машина ва механизмлар, ишлаб чиқариш ва ҳар қандай асбоблардан фойдаланиш оқибатида келиб чиқувчи ҳодисалар; - қўл-оёқлар ёки умуртқанинг кескин жисмоний зўриқиши туфайли мушак (мускул), пай, пайча ёки томирнинг қисман ёки бутунлай чўзилиши. Бахтсиз ҳодисалар икки гуруҳга бўлинади: -бахтсиз ҳодисалар ишлаб чиқариш билан, иш билан боғлиқ бўлган; -ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган ишдан ташқари юз берган (маиший) бахтсиз ҳодисалар. Бахтсиз ҳодиса қуйидаги ҳолларда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган ҳисобланади: а) ташкилот ҳудудида содир бўлса; б) ташкилот топшириғини бажараётган пайтда ташкилот ҳудудидан ташқарида (технологик жараённи юритиш учун зарур бўлган материалларни тайёрлаш ва қабул қилишда, моддий-техника таъминот масалаларини ҳал қилиш жараёнида ва ҳ.к.), шунингдек, ташкилотларга тегишли бўлган транспортда ишчи ва хизматчиларни иш жойига олиб бориш пайтида ва бошқа ҳолларда содир бўлса; в) иш вақти давомида, иш бошланишидан олдин ва тугалланганидан сўнг, асосий иш вақтидан ташқари ишларни бажаришда, дам олиш ва байрам кунларида; г) иш вақти мобайнида корхона яқинида ёки бошқа иш ўрнида, бунга кўзда тутилган танаффуслар ҳам киради (агар шу ерда бўлиш ички меҳнат интизоми қоидаларига зид бўлмаса). д)давлат ва жамоат вазифаларини бажаришда, шунингдек, касаба уюшма ёки бошқа жамоат ташкилотларининг махсус топшириқларини бажариш пайтида (бу топшириқлар асосий иш билан боғлиқ бўлмаса ҳам), инсон ҳаётини қутқариш, ишга бориш ёки ишдан қайтиш йўлида (агар ишга бориш йўлида шахсий манфат нуқтаи назардан чалғиб кетилмаса) ва бошқаларда содир бўлса. Бахтсиз ҳодиса қуйидаги ҳолларда ишлаб чиқариш билан боғлиқ эмас деб ҳисобланади: a) маъмуриятнинг рухсатисиз шахсий мақсадларда қандайдир буюмлар тайёрлашда ёки корхонага тегишли транспорт воситаларидан фойдаланишда, ташкилот ҳудудида спорт ўйинлари вақтида; б) материал, асбоб-ускуна ёки бошқа нарсаларни ўғирлаш вақтида; с) спиртли ичимликлар ёки токсик моддалар истеъмол қилиши натижасида юз берганда (агар бу ҳол ишлаб чиқариш жараёнларида ишлатиладиган техник спирт ва бошқа шунга ўхшаш моддалар таъсири натижаси бўлмаса ёки бахтсиз ҳодисанинг бевосита сабабчиси бўлганда). Юқорида санаб ўтилган тоифаларга кирмайдиган барча бошқа бахтсиз ҳодисалар маиший бахтсиз ҳодисалар ҳисобланади. Ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисада (ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган) жабрланган киши вақтинчалик ишга яроқсизлиги учун нафақа олиш ва бу ҳолда корхонанинг айби бўлса, етказилган зарарни корхонадан ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундан ташқари, корхона маъмуриятига ишлаб чиқариш жароҳатланишининг олдини олиш юзасидан аниқ ва амалий вазифалар (бахтсиз ҳодиса хақидаги далолатнома бўйича маълум тадбирлар ўтказиш) юкланади. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса барча ҳолларда иш билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодиса ҳисобланади (аксинча эмас). «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ нинг 2016- йил 9 август кунидаги 340-Н сонли буйруғига 1-сонли Илова 4. «ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ КОРХОНАЛАРИДА МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ БЎЙИЧА ЎҚИШНИ ВА БИЛИМЛАРИНИ СИНАБ КЎРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДАГИ Н И З О М. НБТ-312 1. Умумий бўлим. 1.Ушбу Низом ишлаб чиқаришда бевосита ишларни ташкил этиш ва юритиш билан боғлиқ бўлган раҳбарлар, муҳандис-техник ходимлар, мутахассислар ва ишчиларни шунингдек хавфсиз ишлаш бўйича текшириш ва техник назоратни амалга оширадиган шахслар (бундан кейин раҳбарлар ва мутахассислар)ни лавозим мажбурияти ва бажариладиган иш хусусиятидан келиб чиққан ҳолда улар учун аниқлаб берилган малака талаблари ҳажмида жамият муассасалари, ташкилотлари, бошқармалари, марказлари, мустақил корхоналари (бундан кейин - жамиятнинг тузилмавий бўлинмалари) да ўқитиш ва билимларини синаб кўришнинг бажарилиши шарт бўлган тартибини белгилаб беради. 2. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ корхоналарининг барча ходимлари, шу жумладан раҳбарлари ҳам уларнинг касби ва бажараётган иш турига мувофиқ ушбу Низомда белгиланган муддат ва тартибларда, меҳнат муҳофазаси бўйича ўқувдан, йўл-йўриқлардан ўтишлари, билимлар текширувдан ва қайта аттестациядан ўтказилиши шарт. 3. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бўлинмаларига ишга кирувчилар хавфсиз ишлаш бўйича йўл-йўриқлар олганидан, яъни амалда ўқитишдан (стажировка) ва билимлар текширувдан ўтказилганидан кейин мустақил ишлашга қўйилади, юқори даражада хавфли ишларга кираётганлар эса дастлабки ўқувдан ҳам ўтишлари керак. Темир йўл транспортида юқори даражада хавфли иш шароитларида ишловчи касб ва лавозимларнинг рўйхати ушбу Низомнинг 10 - иловасида келтирилган. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вақти-вақти билан (жорий) ўқитиш техник ўқувлар кўринишида ва малака ошириш курсларида амалга оширилади. Ўқув техник машғулотлари корхона раҳбари томонидан тасдиқланган йиллик ўқув дастурларига асосан календар режалар асосида амалга оширилади. Ўқув техник машғулотлар доирасида ва малака ошириш курсларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича машғулотлар, корхона ва уларнинг бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассислари, усталар ва йўриқчилар, шунингдек мавзуга оид мутахассислар (тиббиёт ходимлари, ҳуқуқшунослар, давлат инспекторлари, ўқув марказлари ўқитувчилари ва бошқалар) таклиф қилинган ҳолда ўтказилади. Ўқув техник машғулотлар ва малака ошириш курсларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича машғулотлар маъруза тарзида ташкил қилиниб, тегишли ҳолларда кинофильмлар, видеофильмлар ва кўргазмали қуроллар ёрдамида ўтказилади. Раҳбарлар ва мутахассислар малака ошириш курсларида 5 йилдан кўп бўлмаган муддатда бир марта ўқитилиши керак. Ўқув техник машғулотлар журнали бўлинма раҳбарияти томонидан расмийлаштирилади. 4.Корхоналарда меҳнат муҳофазаси бўйича машғулотларнинг ўтказилиши учун, ўқув материаллари, шунингдек ишлаб чиқариш шароитларининг аниқ мазмунига мувофиқ келадиган ўқитиш ва билимларни синаб кўришнинг замонавий техник воситалари, кўргазмали қўлланмалари ва адабиётлар билан жиҳозланган махсус хоналар бўлиши керак. Ходимларни хавфсиз ишлаш услубларига ўқитиш, шунингдек билимларини синаб кўришни тўғри ташкил этиш ва ўтказишга умумий раҳбарлик қилиш ва масъулият корхоналар ва жамиятнинг тегишли тузилмавий бўлинмалари раҳбарлари зиммасига юклатилади. 5.Ўта хавфли ишларда, буғ ва сув қиздириш қозонларида, юк кўтариш кранларида, босим остида ишлайдиган сиғимларда, электр қурилмаларида, махсус механизмлар ва машиналарда ишлаш учун 18 ёшдан кам бўлмаган, махсус ўқитилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларга эга бўлган шахслар ишга қабул қилиниши мумкин. 6.Жамият ходимларини хавфсиз ишлаш услубларига ўз вақтида ва сифатли ўқитиш, билимларини синаб кўриш жараёнини назорат қилиш меҳнатни муҳофаза қилиш, техника ва саноат хавфсизлиги бошқармасига, тузилмавий бўлинмалар ва корхоналар зиммасига юклатилади. Ходимларни ўқитиш ва билимларни синаш. § 1. Ишловчи ходимларга йўл-йўриқлар ўтказиш. 7.Ишчи ходимларга бериладиган йўл-йўриқлар: кириш ва иш жойидаги йўл-йўриқлардан иборатдир. Иш жойидаги йўл-йўриқлар ўз навбатида бирламчи, даврий, жорий ва навбатдан ташқари йўл-йўриқларга бўлинади. 8. Кириш йўл-йўриғи. Корхонага ишга кираётган барча ходимлар, бошқа ташкилотлардан ишга юборилган ходимлар (малакаси, шакли, иш стажи ва тажрибасидан қатьи назар), шунингдек амалиётни ўтаётганлар ва ўқувчилар кириш йўл-йўриғидан ўтадилар. Кириш йўл-йўриғини ўтишдан мақсад - иш шароитлари, ички меҳнат тартиб қоидалари ва меҳнатни муҳофаза қилишнинг умумий қоидалари билан таништиришдан иборатдир. Ишчи ходимларга кириш йўл-йўриғини меҳнатни муҳофаза қилиш муҳандиси, у йўқ пайтларда бош муҳандис ёки меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари зиммасига юклатилган шахс ўтказиши керак. (Корхонага ишга кираётган муҳандис-техник ходимлар, ўқувчилар ва амалиётни ўтаётганларга кириш йўл-йўриғини шахсан бош муҳандис ёки меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати бўйича жавобгар шахс ўтказади). Кириш йўл-йўриғи ички локал ҳужжатлар ( жамоа шартномалари, ички меҳнат тартиб қоидалари ва бошқалар) дан фойдаланган ҳолда тайёрланган ва бош муҳандис томонидан тасдиқланган тегишли конспектга мувофиқ меҳнатни муҳофаза қилиш хонасида ўтказилади. Кириш йўл-йўриғининг намунавий дастури 1-Иловада келтирилган. Кириш йўл-йўриғи бир гуруҳ ишловчилар (10 кишидан кўп бўлмаган) ёки алоҳида ишловчилар билан ҳам ўтказилади. Кириш йўл-йўриғи ўтказилганлиги тўғрисидаги ёзув кириш йўл-йўриғини расмийлаштириш журналида, шунингдек Т-1 шаклдаги буйруқда қайд этилади. Кириш йўл-йўриғини қайд этиш журналини меҳнатни муҳофаза қилиш муҳандиси олиб боради ва сақлайди. Кириш йўл-йўриғини қайд этиш журнали охирги ёзувдан кейин корхона архивида унга эҳтиёж қолмаган муддатгача сақланади. Журнал шакли 2-Иловада кўрсатилган. 9.Иш жойидаги йўл -йўриқлар. Умумий қоидалар. Кириш йўл–йўриғидан ўтган барча ишчи ходимлар иш жойидаги йўл-йўриқлардан ўтишлари керак. Бу йўл-йўриқларнинг мақсади – ҳар бир ишчига тўғри ва хавфсиз ишлаш усуллари ва иш услубини ўргатишдан иборатдир. Йўл-йўриқлар жараёнида ходимни ускуналар, механизмлар, мосламалар, уларнинг тавсифи ва тузилиш хусусиятлари, хавфсиз ишлаш услублари ва иш усуллари, иш жойини ишлашга тайёрлаш тартиби билан таништиришдан иборатдир. Иш жойида ходимни йўл–йўриқдан ўтказиш (жорий ўқув каби), бе

Use Quizgecko on...
Browser
Browser